Президент ўз халқининг қандай яшаётганини билмаслиги мумкин эмас…
Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Норвегия бўлими раиси Мақсуд Бекжоннинг ЎХҲ интернет саҳифаси муҳаррири саволларига жавоблари.
Савол: Ўзбек режими ҳокимларга ҳалқ билан мулоқот қилишни топширган шекилли. Шу ҳафтада бир неча ҳокимлар телевидения орқали вилоят аҳолиси билан мулоқот қила бошлашди? Бу сизнингча нимани англатади? Бу билан режим халқни астойдил қайғураяпдими ёки навбатдаги масъулиятни ўзидан соқит қилишга, бировларни айбдор қилишга уринишми?
Жавоб: Мулоқат яхши нарса, зора, бу мансабдорлар бундай мулоқатлар орқали ҳеч бўлмаганда халқнинг олдида ўзини одамга ўхшаб тутишни, ўз халқини ҳақорат ва калтаклашдан бир оз ўзини тийишни ўрганса. Албатта, бу тадбирлар Ислом Каримовнинг доим ишлатиб келган усули – ўз айбларини паст поғонадаги мансабдорлар бўйнига юклаш найранги ҳам бўлиши мумкин. Маълумки, узоқ йиллар давомида халқ орасида “мамлакатдаги тартибсизликлардан президентимизнинг хабари йўқ”, қабилидаги афсона ҳукм суриб келди, аммо ўйлайманки, бугун бундай афсонага ишонадиган одамнинг ўзи қолмади мамлакатда – бир ҳукмдор 22 йил давомида ўз идораси остидаги халқнинг қандай яшаётганини билмаслиги мумкин эмас, агар ҳақиқатан ҳам(бунга ишониш қийин) билмай келган бўлса, бу унинг билганидан ҳам ёмонроқдир, бундай гумроҳ раҳбар ҳокимият тепасида бир лаҳза ҳам қолиши мумкин эмас.
Аммо ҳукумат кўзлaган мақсад нима бўлганда ҳам бундай мулоқатларни олқишлаш керак, “чиқмаган жондан умид”, дейдилар. Умуман олганда эса, бундай “демократик ўйинлар” бу репрессив режимнинг бутун ҳукмронлиги давомида узвий равишда амалга оширилиб келди. Ҳар беш йилда қандайдир “демократик одимлар” отилади ва кейин репрессия янада авж олади. Аслида, бундай “ислохотлар”ни халқни эзавериб чарчаган репрессив режимнинг бир зум тин олиши, нафас ростлаб олиши учун олган “пауза”си сифатида ҳам талқин қилиш мумкин.
Савол: Нимага Президентнинг ўзи ва бош вазир ёки бошқа вазирлар шундай мулоқотга чиқмайдилар? Ёки 20 йиллик давр ичидаги хатосини тушуниб ўзгара бошладими?!
Жавоб: Бундай мулоқатга чиқиш улар учун муаммо ҳисобланади, деб ўйламайман, истасалар, чикишлари мумкин, албатта. Бериладиган саволар чиғириқдан ўтказилиб берилса, ҳеч қандай фавқулоддалик бўлмаса, уларниннг чўчийдиган нарсаси йўқ-ку? Фақат шу пайгача бунга эҳтиёж ёки мажбурият ҳис қилмаганлар, эҳтиёж ва мажбуриятни эса, сиёсий конъюнктура, яъний, халқнинг талабчанлиги, сиёсий фаоллиги вужудга келтиради.
Мақсуд Бекжон
13.11.2011