Başlangıç > Сиёсат > ЎЗБЕКИСТОН ҲУКУМАТНИНГ ҚАРОРЛИ БЕҚАРОРЛИГИ ҲАҚИДА

ЎЗБЕКИСТОН ҲУКУМАТНИНГ ҚАРОРЛИ БЕҚАРОРЛИГИ ҲАҚИДА

CIMG0574

1. Ўзбекистоннинг КХШТ (Коллектив Хавфсизлик  Шартномаси Ташкилоти)таркибидан чиқиши, қандай сабаблар билан боғлиқ ва сизнингча, бу чиқиш минтақада қандай ўзгаришларга олиб келиши мумкин?

Ўзбекистоннинг Коллектив Хавфсизлик  Шартномаси Ташкилотига доимий равишда гоҳ кириб, гоҳ чиқиб туриши, яъний, қарорсизлиги фақат бу ташкилотга нисбатан амалга оширилилаётган ҳаракат эмас, бундай беқарорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатининг умум тенденциясини ташкил этади. Эсингизда бўлса, Ўзбекистон КХШТга муқобил ўлароқ ташкил этилган ва ўз таркибига Гуржистон, Украина, Озарбойжон, Молдова сингари давлатларни бириктирган ГУАМ номли минтақавий ташкилотга ҳам кириб чиққан эди. 1999 йилда КХШТдан чиқиб, ГУАМга қўшилган Ўзбекистон, 2005 йилда ГУАМдан чиқиб, яна КХШТга келиб қўшилди ва бугун, қарабсизки, яна бу ташкилотни тарк этди.

Марказий Осиёдаги аҳолиси сони ва яширин, реализация қилинмаган, ҳаётга тадбиқ қилнмаган потенциали жиҳатдан энг катта ва жиддий саналган бир мамлакатнинг (давлат демаймиз, чунки, Ўзбекистон бугун давлат ўлароқ, минтақадаги энг заиф бир субъекдир) бундай ножиддийлиги, енгил-елпи ҳаракатлар қилиши аянчли кўринади. Мамлакатни бошқараётган шахс – президент И.Каримов ўз заифлигини куч сифатида тақдим қилишга урунаётган давлат бошлиқларидан биридир. Унинг минтақавий ташкилотларга ва ҳатто халқаро ташкилотларга (БМТ, ОИ, НАТО ва ҳакозо) писандсизлигини баъзилар, айниқса, Каримов режимининг яловбардорлари “қатъиятлилик, ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш бобидаги муросасизлик” сифатида талқин қилишлари мумкин, аммо аслида, бундай ҳаракатлар давлат бошлиғидаги принципсизликнинг, ўз халқи ва ҳатто ўзининг минтақавий ва халқаро ҳамкорлари олдидаги параноидал гумондорлиги ва қўрқувидан келиб чиқаётган жонсаракликнинг кўринишидир. Ва бу жонсараклик ортида миллий манфаатлар тушунчаси эмас, балки, ўз нолигитим ҳокимиятини имкон борича узоқроқ чўзиш истаги ётади.

Энди Ўзбекистоннинг бугунги кунда КХШТдан чиқишига бевосита сабаб бўлган нарсалар ҳақда: маълумки, КХШТга аъзолик ҳар 5 йил учун имзоланилади ва бу муддат тўлганидан сўнг, бу ташкилот аъзоси унинг таркибидан ихтиёрий равишда чиқиши ва ёки аъзолик муддатини яна 5 йилга чўздириши мумкин. Худди шундай шаклда, бу ташкилотдан чиқиб кетган аъзо яна 5 йилдан кейин ушбу ташкилотга қайтиб кириши мумкин. Ўзбекистон, юқорида айтганимиздек, бундай ҳуқуқдан уч марта фойдаланди ва ундан тўртинчи марта фойдаланмаслигига ҳеч бир кафолат йўқ. Ўзбекистоннинг ушбу кириш ва чиқиш ҳуқуқларидан навбатдаги марта фойдаланишига бевосита туртки бўлган сабаблар қуйидагилар бўлиши мумкин: биринчидан, Каримов ўз режими манфаатлари учун “серҳосил, унумли” бўлиши мумкин бўлган 5 йиллик муддатни реал кучга эга бўлмаган КХШТ сингари бир ташкилотга аъзолик мажбурияти билан боғлаб, “исроф” қилишни истамаяпти. Режим кутаётган “ҳосил” эса, НАТО кучларининг 2014 йилда Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши билан боғлиқдир. Маълумки, Ўзбекистон ушбу “ҳосил”нинг илк меваларини Афғонистонда ишлатилган НАТОнинг Ўзбекистонга “хайрия” сифатида берган бир қанча ҳарбий транспорт ва бошқа ускуналар кўринишида аллақачон ола бошлади. 2014 йилгача эса, ҳали бундай “хайрия”лардан анча олиши мумкин. Қолаверса, НАТО кучларининг Ўзбекистон орқали транзит сифатида ўтиши учун олинадиган “ҳосил” ҳам бор. Бундан ташқари, 2014 йилдан кейин, яъний, НАТО кучларининг Афғонистонни тарк этганидан сўнг келадиган давр учун Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида яширин шартномлар тузилганига шубҳа йўқ. Бундай шароитда, табиийки, Каримов ўз ҳаракатларини КХШТ олдидаги мажбуриятлар билан боғлаб қўйишни истамайди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШ билан музокаралари давомида икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг (ва АҚШ воситасида, умуман, Ғарб билан бўлган муносабатларининг) яхшиланишга асос бўлган яна бир муҳим жиҳатлардан бири бу, албатта, Ўзбекистондаги мустабид режимга мухолиф бўлган кучларга нисбатан кўрсатиладиган муносабат борасида қўлга киритилган бир келишувдир. Швецияда отиб кетилган Обидхон қорига қарши қилинган суиқасд иштирокчиларининг озодликка қўйиб юборилиши ўша келишувнинг меваларидан бири бўлиши ва ҳали бундай келишувнинг аччиқ мевасини мухолифат ўз фаолияти давомида анча-мунча татиш эҳтимоли ҳам оз эмас.

Энди Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқишидан келиб чиқадиган минтақадаги ўзгаришлар борасидаги саволингизга келсак, Каримов ўзининг навбатдаги бу демарши учун “юмшоқ қўниш” замини тайёрлаб қўйганига ҳеч шубҳа йўқ. Хусусан, у КХШТ асосчиларидан бири бўлган ва бу ташкилот орқали ўзининг минтақадаги анъанавий устуворлик иддаоларини сақлаб қолишга ёки тўғрироғи, уни қайта тиклашга урунаётган Россия билан “индивидуал” суҳбатлар ўтказмаган бўлиши мумкин эмас. Рус матбуоти Каримовнинг бундай “енгилоёқ”лиги Путин ҳукуматини ғазаблантириши мумкинлиги ҳақда ва Каримовни бунинг оқибатлари яхши бўлмаслиги борасида, шунингдек, АҚШ билан яқинлашганларнинг биронтаси ҳали АҚШдан вафо кўрмаганлиги ҳақда шаъмалар қилаётган бўлса-да, Каримов ўзининг Москва билан ўрнатган “индивидуал муносабат”ларига таянган ҳолда, ўз йўлида ишонч билан давом этаётган кўринади. Яъний, Каримов ўзининг ўша машҳур “лўлининг эшагини суғориб, пулини ол” деган ақидасида собитдир. Шу маънода, Каримовнинг ҳар доимги бундай ўйинлари унинг учун бирон бир сиёсий оқибатни келтириб чиқаради, деб ўйлаш ҳақиқатга унча тўғри келмаслиги мумкин.

Аммо шу билан бирга бугунги Ўзбекистон ҳукуматининг қароқчилик сиёсатидан азият чеккан МТС каби рус ширкатлари бор-ки, уларнинг саъй-қаракатлари Русия ҳукуматининг Ўзбекистонга қаратилган сиёсатига таъсир ўтказиши эҳтимолдан йироқ эмас. Ҳозир МТСнинг Ўзбекистондаги филиали бўлган “Уздунробита”га қарши маҳаллий маҳкама 80 миллион долларлик жарима солган ва бу оз пул эмас. Бундай миқдордаги пуллар ўртага тушганида кўп мамлакатларда сиёсий инқирозлар юзага келгани маълум. Аммо Каримов режими руслар билан бундай ўйин қилишнинг таҳликали эканлигини билади ва шунинг учун, менимча, тез кунлар ичида ўзбек маҳкамаси ўзи чиқарган қарорни бекор қилиб, ўртадаги нохушликни олиб ташлашга ҳаракат қилади.

2. 1991 йил август ойида СССРни сақлаб қолиш учун ГКЧП тарафидан “Фавқулодда ҳолат” эълон қилинган эди, аммо оқибатда ГКЧП аъзолари жиноятчига чиқарилди, Совет Иттифоқи йўқ бўлди ва унинг ўрнида 15 мустақил давлат пайдо бўлди. Бугун эса бу мутақилликларга аксар ҳолларда диктаторлар “эгалик” қилмоқда. Бугун СССРнинг йўққилинишини “тарихий хато”, СССРни сақлаб қолиш тўғри эди, дейилмоқда. Сиз бундай фикрга қўшиласизми?

Мустақилликни ўзбек халқининг кейинги 500 йил ичида қўлга киритган энг катта зафари десак, лоф бўлмайди. Негаки, 100 йилдан ошиқроқ давом этган рус истилосининг оқибатларига бир қаранг: Орол деб номланган буюк бир денгизимиз қуритилди, ерларимиз юз йиллар давомида йўқ бўлмайдиган заҳарли химикатлар билан абгор қилинди, тоғларимиз, чўлларимиз радиоктив чиқиндилар кўмилган омборларга айлантирилди, ер ости ва ер усти ичимлик сув заҳираларимиз юқорида зикр этилган химикат ва радиоктив чиқиндилар билан булғатилди, ерларимиздаги ўрмонлар кесиб ташланиб, ўрни пахта плантацияларига айлантирилди ва бу пахта плантациялари устидан ҳар йили миллионлаб тонна заҳарли дорилар сочилиб, ўзбек халқи жисмоний ва зеҳний жихатдан таназзулга юз тутди, мамлакат аҳолиси пахта қулларига айлантирилди, мамлакат ер ости ва ер усти бойликлари аёвсиз талон-тарож этилди, жуда кўп тарихий-маданий обидаларимиз, тарихий китобларимиз йўқ этилди, миллионлаб миллатдошларимиз рус колониал ҳокимияти тарафидан қирғин килинди. Мен чор Русияси ва Совет Иттифоки ўртасида бирон бир фарқ кўрмайман, бу иккаласи ҳам рус истилосининг кўринишлари эди. Шундай экан, мен “СССРни сақлаб қолиш керак эди”, деётган одамларни ўз халқи манфаатларини тўғри англаб етган, деб ўйламайман. Зотан, бугун ўлкмамизда ҳукм сураётган қаттол режимнинг ўзи ўша советларнинг зурёди, сарқитидир. Рус истилосидан қутулган бугунги Ўзбекистонда ҳукм сураётган мустабид режимнинг халқимга нисбатан амалга ошираётган бутун зулм ва қаттолликларини кўра туриб, уларни ўз ичимдан ўтказарак азоб чекаётган энг оғир дамларимда, ўзим ва оилам ва бутун кариндош-уруғларимиз шундай зулмларга дучор қилинганимизда ҳам менда ҳатто бир лаҳза бўлсин, бизнинг мустақилликка эришганимиз тўғри бўлгани ёки бўлмаганига доир бирон бир иккиланиш, шубҳа пайдо бўлган эмас. Ҳеч качон бошимизга ёғилаётган офатларга миллий озодлигимиз сабабчи деб ҳисобламаганман.

Мустақилликка фақат бугунги мустабид режим эгалик қилаётгани ҳақдаги гапга келсак, шуни айтишим мумкинки, биз бу режимни ағдариб ташлаш ҳуқуқи ва иродасида мустақилмиз, бу ҳуқуқни бугун биз Москвадан сўраб олмаймиз. Ўлкамиздаги ҳокимият бошқа бир халқ иродаси билан эмас, ўзимизнинг халқимиз иродаси билан ўрнатилади, мустақиллик дегани шудир.

МАҚСУД БЕКЖОН

10.08.2012

Reklamlar
Kategoriler:Сиёсат
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Google fotoğrafı

Google hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Twitter resmi

Twitter hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: