Başlangıç > Uncategorized > РАҲМДИЛЛИК

РАҲМДИЛЛИК

Отам Мадамин Бег “Жасорати учун” («За отвагу» — высшая медаль в наградной системе СССР.) медали ва бошка бир қанча орденлар билан тақдирланган.



Рахматли отам Мадамин Бег Иккинчи Жаҳон Уруши пайтида ўзида немис аскарларига қарши бир нафрат бўлмагани ҳақида гапирар эди. Уруш бошланган илк ойлардан бошлаб, кўнгилли сифатида урушга юборишларини сўраб, ҳарбий комиссариатга тинимсиз ариза ёзган отамдан бундай эътирофни эшитиш ғалати туюлар эди. Албатта, отамда немисларга нафрат бўлмагани сабабини бобомиз Бегжон Бегни сургун қилиб, сўнгра қатл этган Советларга қарши отамда бўлган нафрат билан ҳам изоҳлаш мумкин. Совет ишчи ва деҳқонлар ҳукумати раҳматли отамни “қулоқ боласи” бўлгани учун то 1942 йилгача урушга чақирмаган, фақат 1942 йилга келиб, фронтдаги вазият жуда оғирлашгани туфайлигина отам сингари “буржуазия” вакиллари ҳам урушга чақирила бошлаган.

“Қулоқ”ларни йўқ қилишда ғайрат кўрсатган баъзи “активист”лар урушга бормаслик учун ўз кўзига нос сепиб кўр бўлаётган ва ёки бошқа тан аъзосига зарар бериб, инвалидлик олаётган бир пайтда ушбу “ишчи-деҳқон” ҳокимияти тамсилчилари тарафидан “қулоқ боласи” сифатида мулки, уй-жойи, ерлари мусодара қилинган ва отаси шу ҳокимият тарафидан қатл этилган отамнинг ушбу ҳокимият учун урушга бундай талпингани, аслида, жуда нодир ҳодиса бўлган.

“Мен урушга байрамга кетаётгандай севинч билан кетганман, илк даъфа фронт линиясига яқин қолганиимизда кеча коронғилигини ёритиб учаётган “катюша” ракеталари кўзимга шу қадар гўзал кўринган эди-ки, канийди, тезроқ ўша жойга етиб борсам, деб юрагим ҳаприқиб кетганди”, – дея хотирлайди раҳматли отам. Аммо отам бу гўзал “катюша” ракеталари ёнига боришга улгурмган, чунки, манзилга йўл ўрмон орқали ўтгани туфайли отам таркибида бўлган батальон ўрмонга кириб, унинг ичида 10 дақиқа юрар-юрмас, бомба ёмғири остида қолган ва бомбалардан бири отамнинг ёнига тушиб, у учиб кетган ва ҳушидан кетган.

“Кўзимни очганимда, кун ёришган, ўзим эса, ўликларнинг устида ётганимни кўрдим, тепамдаги дарахтда эса, рота командиримиз осилиб ётар ва батальоннинг омон қолган қисми эса, аллақачон бу ерни тарк этган эди”, – деб хотирлайди отам. “Мени хайратга солган нарса,- деб хотирасини давом эттиради отам,- немислар кандай килиб, ўрмонда кетаётган батальонни кўриб, уни ўққа тутди? Кейин маълум бўлишича, командирнинг гапига кўра, немис “миномет наводчик”и совет аскарларини улар ўрмонга киришидан олдин кўрган ва уларнинг қанчалик тезликда ҳаракат этаётганини ҳисоб-китоб қилиб, бу тезликни харитадаги йўл йўналиши билан боғлаган ва 10 дақиқа ичида батальон қаерга етиб келиши мумкинлигини тахмин қилган ва шу тахминий нуқтага немис минометчилари ўт очган”.. Хуллас, отам тирик қолган бир неча сафдошлари билан бирга ўз батальони ва ҳарбий қисми изидан етиб бориш учун 2 кун вақт сарфлаган.

Уруш ҳақида отам сўзлаб берган уруш эпизодларидан менга энг кўп таъсир қилгани – унинг ўзи юзма-юз келиб қолган немис аскарига қарши ҳеч бир нафрат туймагани ва аввалига, то немиснинг ўзи таҳдид қилиб, ўлдирилишига сабаб бермагунига қадар раҳм қилиб, уни ўлдирмагани ҳақдаги воқеа бўлди.

Отам бу эпизод ҳақда шундай ҳикоя қилади:

“Хужум пайтида шу қадар қалин бомбардимон остида қолдик-ки, атрофни қалин тутун қоплаб, ҳужум линиясини йўқотганча кўр-кўрона буғдойзор ўртасида олдинга кетаётган пайтимда бирдан қаршимда папирос чекиб ўтирган немис аскарига дуч келиб қолдим. Унга милтиқни тўғрилагандим, у қўлини кўтариб, “мени отма”, дегандай ишоралар қила бошлади, ҳолбуки, тиззасида автомати бор эди. Немис ўзим каби 23-24 ёшлардаги ёш бир йигит эди, раҳмим келди, отмадим. У менинг отиш ниятим йўқлигини кўриб, севиниб кетди ва менга миннатдорчилик сифатида ўз тамакисидан узатди, аммо мен унинг тамакисини олмадим, немиснинг қаршисига ўтириб, ёнимдан ўз тамаки халтачамни чиқардим-да, газета қоғозига тамакини ўраб, чека бошладим. Немис имо-ишоралар билан қўлтиқ чўнтагидан икки-учта расм чиқариб, менга кўрсатди, афтидан, ота ва онасининг расмлари эди. Сўзсиз, имо-ишорадан иборат суҳбатимиз то ўраган папиросимни чекиб бўлганимча давом этди ва сўнгра мен жуда эҳтиёткорлик билан ўрнимдан қўзғалдим ва немисга “мен кетдим” дея ишора қилароқ, ундан қўрқмаганимни кўрсатиш учун орқамга тисарилмай, унга орқа ўгириб, бемалол кета бошладим, аммо икки қулогим орқада – милтиғимни ҳар лаҳзада ишга солишга тайёр ҳолда борар эдим. Шунда бирдан, худди хавотирланганимдек, орқадан автомат затворининг шарақлаб тортилгани эшитилди ва мен шартта ўгирилиб, уни отиб ташладим, гуноҳи бўйнида кетди…”

Отам оддий немис аскарларига ўзида нафрат бўлмагани ҳақда гапирар экан, айни пайтда немис генералларидан жуда нафратланганини ҳам гапирар эди. “Лагердаги асирга тушган немис генералларини “прогулка”га чиқарганимизда улар бизга шу қадар нафрат билан ўқрайиб қарар эдилар-ки, уларга “ўқрайма” дея ёқасидан ушлаб, оркасига тепишга тўғри келарди, аммо шунга қарамай, очликдан оёғида зўрға турганига карамай, гандираклаб кетаркан, яна ўқрайиб кетишини канда қилмас эдилар улар. Аммо оддий немис аскарларини мен ҳеч қачон урмаганман, чунки, сен қандай бўлсанг, у ҳам шундай оддий бир одам деб ҳисоблар эдим ва улар ҳеч қачон генераллари каби бизга ўқрайиб карамас эдилар”.

Рахматли отам 1942 йилда урушга кетиб, 1946 йилда урушдан кайтди, афтидан, Совет ҳукумати унинг урушга бир йил кеч кетганини шундай тарзда “компенсация” қилди. Тўғри, 1943 йилда у қўлидан яраланиб, бир ойлик “отпуска” билан Хоразмга келди ва бир ойдан сўнг яна маршал Рокоссовский армиясида урушни давом этдирди. Аммо орадан бир йил ўтиб, оёғига бомба осколкаси тегиб, у яна яраланди ва 2 ой госпиталда қолди.

(Раҳматли отам ҳаётининг шу жойига доир ўзи сўзлаб берган кичик бир ҳодисани қўшиб ўтишни лозим топдим. Отам урушда яраланиб, Амударё пароми орқали Хоразмга бир ойлик “отпуска”га келаётганида бобомиз Бегжон Бегнинг фожеали қисмати билан боғлиқ бир “эътироф”га шоҳид бўлган. Отам бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:”Паромда кекса бир одам билан гаплашиб колдим, исми Матназар экан, у менинг исми-шарифимни, уруғимни суриштириб, бирдан авзойи ўзгарди ва:”Отанг Бегжон Бегни НКВДга мен тутиб берганман, мени кечир, ҳозир қилган ишимдан жуда пушаймонман”, деди. Билдим-ки, бу одам Бухородаги НКВДнинг “вольное поселение” шаклидаги қамоғидан Хоразмга қочиб келиб, кейин бу ердан Тошоузга кетиб қолган отам Бегжон Бегни яна НКВДга тутиб берган “Жаллод” лакабли Матназар экан” . (Изоҳ: Бу воқеалар ҳақда кейинроқ батафсилроқ ёзиш ниятим бор. М.Б).

1945 йилда отам Польшанинг Краков шаҳри комендатурасида хизмат қилди, у оддий аскар бўлганига ва унда ҳеч қандай ҳарбий унвон бўлмаганига қарамай, уни комендатурадаги Оператив бўлим командири қилиб тайинлашди. “Устидан маҳаллий аҳоли тарафидан шикоят ёзилган ва ёки ароқкўрлик билан қўлга тушган совет офицерлари биздан жуда қўрқар, қошимизда ёш боладай бўлиб қоларди”, деб хотирлайди отам. Польша ресторанида совет офицери қандай қилиб, у ердаги аҳолига қарши безорилик қилгани ва унинг отам бошқарган бўлимга қарши қурол ишлатиб, қандай қўлга олингани сингари воқеаларни ҳикоя қилиб берар экан, айни пайтда “яхшиям, биз Краковда қолдик, Берлингача бормадик, эшитишимизга караганда Берлинда жуда ёмон нарсалар бўлган, совет аскарлари немисларнинг ёш болалари ва гўдакларини ҳам дарёга отиб юбораверишган”, дер эди. Отамнинг айтишича, Берлин олинганидан сўнг Сталин 3 кун давомида аскарларга немислардан ўч олишлари учун тўла эркинлик бериб қўйган ва фақат уч кундан сўнг совет аскарлари тарафидан содир этилган ҳар қандай конунбузарлик учун отув қарори жорий қилган.

Хуллас, уруш пайтида кузатилган бундай воқеалар фонида бир-бирига душман бўлган икки тараф оддий аскарларининг бир-бирига карши шахсий адоват туймагани – у қадар ғайри-оддий ҳодиса бўлиб кўринмаса керак, деб ўйлайман.

МАҚСУД БЕКЖОН

13.01.2021

Kategoriler:Uncategorized
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Google fotoğrafı

Google hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Twitter resmi

Twitter hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: